Франция тараққиёт агентлиги ва Европа Иттифоқи Оқова сув (канализация) тармоқларини ривожлантириш лойиҳаси орқали Ўзбекистонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни қўллаб-қувватламоқда [fr] [ru]

2022 йил 23 май куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) ўртасида грант шартномаси имзоланиб, унга кўра, Европа томони Навоий ва Қашқадарё вилоятларида канализация инфратузилмасини ривожлантириш учун қиймати 9 миллион еврога тенг бўлган грант маблағларини ажратди.

2022 йил 25 март куни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан ФТА ўртасида мамлакатда канализация тармоқларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш кўзда тутилган қиймати
105 миллион евролик Кредит шартномаси имзоланган эди.

Тўққиз миллион евролик грант шартномаси айнан ана шу Кредит шартномаси иштирокчилари томонидан имзоланган бўлиб, грант маблағлари Европа Иттифоқининг Марказий Осиё учун инвестиция жамғармаси (IFCA) томонидан молиялаштирилади ва ФТА қарзи билан кафолатланади.

Марказлашган канализация тизимларини қуриш, тиклаш, ва кенгайтириш

Лойиҳа Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Шаҳрисабз шаҳарлари ҳамда Навоий вилоятининг Кармана шаҳрида амалга оширилади. Ундан кўзларнган мақсад - сув ресурсларини комплекс бошқариш орқали иқлим ўзгариши натижасида юзага келаётган муаммоларга қарши курашиш ва атроф-муҳит ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш.

Қарз маблағлари ҳисобидан оқова сувларни марказлашган ҳолда тўплаш ва тозалаш тизими яратилиб, ЕИ гранти ҳисобидан эса яратилган инфратузилманинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида, техник кўмак ва манфаатдор томонларнинг салоҳиятини шакллантириш дастури амалга оширилади.

Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти хизматларини кўрсатиш бўйича марказий тузилма ҳисобланган “Ўзсувтаъминот” АЖ таркибида лойиҳани амалга ошириш гуруҳи ташкил этилади. Техник кўмак “Ўзсувтаъминот” АЖнинг минтақавий бўлинмалари, яъни “Сувтаъминот” компанияларини қамраб олади, негаки айнан улар инфратузилмани эксплуатация қилиш билан шуғулланади.

Бундан ташқари, грант маблағлари Ўзбекистонда сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги манфаатдор томонлар ўртасидаги тармоқлараро мулоқот ва ўзаро мувофиқлаштиришни яхшилашга хизмат қилади.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон аҳолисининг атиги 15 фоизи канализация хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга. Лойиҳа Ўзбекистон шаҳарларидаги инфратузилмани такомиллаштиришга бўлган эҳтиёжни қондиришга, мамлакатда тобора танқис бўлиб бораётган сув ресурсларини комплекс тарзда бошқариш тизимини яратиш ва пандемияларнинг олдини олиш учун соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади. Унинг натижасида 170 000 нафар одам канализация хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиб, лойиҳа билан қамраб олинган аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудлардан оқиб ўтадиган учта дарё сувининг сифати яхшиланади.

Қўшимча маълумот учун: https://www.afd.fr/fr/carte-des-projets/developpement-des-systemes-dassainissement-des-villes-secondaires-dans-les-regions-de-navoi-et-kashkadarya?origin=https%3A//www.afd.fr/fr/page-region-pays/ouzbekistan

JPEG

publie le 10/06/2022

hautdepage