ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕТИ ВА ФРАНЦИЯ РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚЎШМА БАЁНОТИ [fr]

Франция Республикаси Президентининг 2023 йил 1-2 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикасига амалга оширган расмий ташрифи муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Франция Республикаси Президенти икки давлат ўртасидаги алоқаларни келгусида стратегик шериклик даражасига кўтариш мақсадида ҳамкорликни янада ривожлантириш учун ушбу Қўшма баёнотни қабул қилдилар.

1. Томонлар 1993 йил 27 октябрда Ўзбекистон Республикаси билан Франция Республикаси ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартнома имзоланганининг 30 йиллигига тўғри келган Франция Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очаётганини таъкидладилар.

2. Томонлар Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги муносабатларини стратегик шериклик даражасига кўтариш ниятида юқори даражадаги глобал ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида ҳукуматлараро алоқаларни фаоллаштиришга ва умумий манфаатларга эга бўлган барча соҳаларда узоқ муддатли структуравий лойиҳаларни илгари суришда давом этишга қарор қилдилар.

3. Томонлар икки томонлама шерикликни янада чуқурлаштириш орқали ижобий истиқболларни очилганини таъкидладилар. Франция томони “Ўзбекистон – 2030” Стратегиясини амалга оширишга кўмаклашишга ҳамда демократия ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларни янада қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.

4. Икки давлат халқаро хавфсизлик соҳасида юзага келаётган таҳдид ва хатарларга қарши самарали курашиш борасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлигини билдирдилар. Икки давлат хавфсизлик тузилмалари ўртасида алоқаларни янада ривожлантиришга келишиб олдилар.

5. Маданият ва мерос соҳасида, 2022-2023 йилларда Лувр музейи ва Париж Араб дунёси институтида ташкил этилган иккита кўргазма натижаларини инобатга олган ҳолда, Томонлар Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан Маданий мерос Миллий институти ўртасида ҳамкорликни ўрнатиш орқали маданий меросни қайта тиклаш соҳасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга қарор қилдилар.

Ўзбекистон ва Франция, шунингдек, 2021 йил 6 январдаги Аҳдлашув декларациясига мувофиқ, Тошкентда Ўзбек-Француз маданият марказини ташкил этиш борасидаги ишларни давом эттирадилар.

6. Томонлар таълим соҳасида Самарқандда “Француз Альянси”нинг очилишини қўллаб-қувватладилар ҳамда Ўзбекистонда француз тилини ўқитишни қўллаб-қувватлаш, француз тили даражаларини расмий аттестациядан ўтказиш, ўқитувчилар малакасини оширишга кўмаклашиш ва таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар.

7. Томонлар Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги савдо
ва инвестицияни ривожлантириш, хусусан барқарор ривожланишга алоҳида эътибор қаратиш муҳимлигини таъкидладилар.
Яшил энергия, юқори технологиялар, стратегик фойдали қазилмалар, сув ва шаҳар хўжалиги, транспорт, инфратузилма ва соғлиқни сақлаш соҳаларида қатор эълонлар қилинди ва иқтисодий шартномалар имзоланди.
Томонлар Ўзбек-Француз иқтисодий палатаси ташкил этилгани эълон қилинганини катта мамнуният билан қайд этадилар.

8. Томонлар иқтисодиётнинг барча соҳаларида, хусусан, 2018 йилдан буён Францияда ва Ўзбекистонда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар якунлари бўйича эришилган келишувларни тўлиқ амалга ошириш муҳимлиги таъкидландилар.

2020-2030 йилларга мўлжалланган Иқтисодий “Йўл харитаси” асосида қуйидаги тармоқларда, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида устувор амалга ошириш ёки бошлаш тузилмавий лойиҳалар рўйхатини тузишга келишиб олдилар:
– энергетика ва электр энергиясини тақсимлаш;
– геологик қидирув;
– сув ресурсларини бошқариш;
– транспорт;
– туризм ва тоғ объектлари;
– қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати;
– Ўзбекистон ва Франция манфаатларига жавоб берадиган инновацион технологиялар ва бошқа соҳалар.

Савдо ва инвестицияни рағбатлантириш борасида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Франция ҳукуматлараро комиссияси ва Франция корхоналари ҳаракатининг “MEDEF International” фаолиятини қўллаб-қувватладилар.

9. Томонлар Франция тараққиёт агентлиги гуруҳи билан Ўзбекистонда амалга оширилган қўшма лойиҳалар портфели 1,3 миллиард еврога етганини таъкидладилар. Томонлар Агентлик иштирокида амалга оширилаётган шаҳар инфратузилмаси, “яшил” иқтисодиёт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, сув бошқаруви каби қатор тармоқларни ривожлантириш бўйича муҳим дастурларни олқишладилар.

10. Франция томони Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва яхши қўшничилик муносабатларини таъминлаш борасида олиб бораётган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.

11. Томонлар кўп томонлама ҳамкорлик, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган муассасалари ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар ва тегишли минтақавий тузилмалар доирасида ўз ҳаракатларини мувофиқлаштиришга тайёрлигини таъкидладилар.

12. Томонлар халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларига, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомида белгиланган ҳудудий яхлитлик, суверенитет, мустақиллик ва халқаро тан олинган чегаралар дахлсизлиги, барча давлатларнинг ташқи алоқаларда куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик ҳамда низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича мажбуриятига қатъий содиқликларини яна бир бор таъкидладилар. Ўзбекистон ва Франция Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида БМТ Низомининг бузилиши юзасидан овоз беришдан олдин яқиндан маслаҳатлашадилар.

Томонлар глобал озиқ-овқат маҳсулотлари ва ядро хавфсизлиги, келажакдаги экологик офатларнинг олдини олишнинг муҳимлигини яна бир бор тасдиқладилар.

13. Икки давлат Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар ривожини муҳокама қилдилар. Томонлар ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқани яхшилаш бўйича Европа Иттифоқининг “Global Gateway” стратегиясини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасидаги Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимнинг муҳимлигини таъкидладилар.

Томонлар 2022 йил 17-18 ноябрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Европа Иттифоқи - Марказий Осиё ўзаро боғлиқлиги: барқарор ривожланиш учун глобал дарвоза” мавзусидаги халқаро анжуман натижаларини ҳамда ва 2024-йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистонда бўлиб ўтиши режалаштирилган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” биринчи тўлақонли саммити эълон қилинганлиги олқишладилар.

14. Икки давлат иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва унинг оқибатларига мослашиш чораларини кўриш ва Париж келишуви мажбуриятларини тўлиқ ва самарали амалга ошириш бўйича қўшма ҳаракатларни кучайтиришдан манфаатдор эканликларини таъкидладилар.

Франция Республикаси Президенти Ўзбекистон томонидан Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни олқишлади ҳамда Орол денгизи экотизимини сақлаб қолиш ва уни ривожлантиришга ҳисса қўшиш бўйича Франция тараққиёт агентлиги томонидан амалга оширилаётган тадбирларни эътибор қаратди.

Томонлар яшил, кам углеродли ва барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш, инсон ва атроф-муҳитни уйғунлаштиришга биргаликда кўмаклашишга келишиб олдилар.

15. Томонлар Афғонистонни хавфсиз, тинч ва барқарор давлат сифатида кўришга қатъий интилишларини яна бир бор тасдиқладилар. Улар мамлакатдаги хавфсизлик ва аёллар ҳуқуқларининг аҳволидан хавотир билдирдилар. Улар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг 2593-сонли резолюциясини тўлиқ амалга ошириш муҳимлигини қатъий такрорлайдилар. Улар бу борадаги олий даражадаги маслаҳатлашувларини давом эттирадилар.

PDF - 365.4 ko
(PDF - 365.4 ko)

publie le 03/11/2023

hautdepage